#
  • Soha yangiliklari
  • 30 - Oktyabr, 2020
  • 12

ПРЕЗИДЕНТ ТАШАББУСИ: УЙ-ЖОЙЛАР ҚУРИЛИШИ БЎЙИЧА ЙИРИК ЛОЙИҲА БОШЛАНМОҚДА

ПРЕЗИДЕНТ ТАШАББУСИ: УЙ-ЖОЙЛАР ҚУРИЛИШИ БЎЙИЧА ЙИРИК ЛОЙИҲА БОШЛАНМОҚДА

Маълумки, яқинда Президентимиз қурилиш соҳасидаги лойиҳалар тақдимоти билан танишиб, беш қаватли арзон уйларни мамлакатимизнинг аҳоли зич жойлашган барча ҳудудларида қуриш зарурлигини таъкидлаганди.

Шу борадаги ишларни жадаллаштириш мақсадида  Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлигида вилоят ҳокимларининг Саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосарлари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.

Унда шаҳар ва туманлардаги уй-жойга эҳтиёжманд оилалар рўйхатини шакллантириш, ер майдонларини аниқлаш ва шулар асосида қайси ҳудудга қанча уй қуриш зарурлиги бўйича таклифларни ишлаб чиқиш масалалари кўрилди.

Шунингдек, сифатига таъсир қилмаган ҳолда уйларни арзонлаштириш, муҳтож оилалар учун муносиб шарт-шароит, айниқса молиявий қулайлик яратиш зарурлиги алоҳида қайд этилди.  

Маълумки, Сардоба ҳамда Мирзаобод туманларида қисқа муддатда 86 та беш қаватли уй қуриб битказилди. Қурилиши режалаштирилаётган ушбу арзон уйларни барпо этишда айнан Сирдарё тажрибасидан фойдаланилади.

Уйлар 1 подезд, 5 қават ва 20 та хонадондан иборат бўлади. Лойиҳада барча коммуникация тармоқлари кўзда тутилган бўлиб, уйларни арзонлаштириш ва сифатини оширишга хизмат қиладиган қатор омиллар мавжуд. Хусусан, хонадонларнинг жойлашуви ва хоналарнинг ички майдони мақбуллаштирилиб, ҳовли ва йўлакларга сенсорли электр чироқлари қўйилади. Ҳисоблагичлар ҳам ҳар жойда эмас, балки бир жойга тўпланади. Ювиниш хонаси ҳам оптималлаштирилади. Барчага қулай бўлиши учун биринчи қават зиналари ташқарига чиқарилиб, ногиронлиги бўлганлар учун пандуслар қурилади.

Қурилиш вазирлигида ўтган учрашувда таъкидландики, мазкур арзон уй-жойларнинг нарх-навоси, ипотека шартлари, тартиби яқин кунларда ойдинлашади. Ҳозирда Қурилиш вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирликлари мутахассислари биргаликда иш олиб бормоқда.

Шунингдек, учрашувда ҳудудларда инвестиция дастурларига киритилган қурилиш лойиҳаларнинг бажарилиши танқидий кўриб чиқилди. Мавжуд муаммоларни тез фурсатларда бартараф этиш бўйича аниқ таклифлар билдирилди.