#
  • Soha yangiliklari
  • 09 - Noyabr, 2020
  • 12

2021 йил МДҲ давлатларида “Архитектура ва шаҳарсозлик йили” бўлади

Қурилиш вазирлигида халқаро анжуман 

Қурилиш соҳасида ҳамкорлик бўйича Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ҳукуматлараро Кенгашининг 40-йиғилишига Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги раислик қилди. Бу бежиз эмас, албатта. Сўнгги йилларда мамлакатимиздаги бунёдкорлик ишлари кескин суръатларда ортиб бормоқда ва бу йиғилиш қатнашчилари томонидан муносиб эътироф этилди. Хусусан, жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида, юртимизда жами 65,2 трлн. сўмлик қурилиш ишлари бажарилиб, ўсиш суръати 2019 йилнинг январь-сентябрь ойларига нисбатан 108,6 % ни ташкил этди. Қурилиш ишларининг энг юқори ҳажми Тошкент шаҳрига тўғри келиб, 2020 йилниг январь-сентябрь ойларида республика бўйича жами қурилиш ишларининг 20,5 % и ёки 13,4 трлн. сўмлик қурилиш ишлари бажарилди, шунингдек, Тошкент (7,1 %) ва Бухоро (6,2 %) вилоятларида ҳам бошқа ҳудудларга нисбатан кўпроқ ҳажмдаги қурилиш ишлари амалга оширилди. 

Қурилиш соҳасида ҳамкорлик бўйича Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ҳукуматлараро Кенгашининг 40-йиғилишида бир қатор долзарб масалалар муҳокама қилинди. Айниқса, Беларус Республикаси вакиллари томонидан билдирилган ижтимоий йўналишдаги уй-жойларни қуришда энергия тежамкор технологиялардан кенг фойдаланиш борасидаги таклифлар қатнашчилар томонидан қизғин кутиб олинди ва катта баҳс-мунозаларга сабаб бўлди. Шунингдек, Қурилиш вазири биринчи ўринбосари Шерзод Ҳидоятовнинг қурилиш жараёнида “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимини жорий қилиш мавзусидаги тақдимоти юзасидан ҳам салмоқли фикрлар айтилди.

 

Шунингдек, тадбирда МДҲ мамлакатларининг уй-жой қурилиши индустриясини ривожлантириш стратегияси,  қурилишда классификациялаш ва кодлаштиришнинг ягона тизими тўғрисидаги маърузалар тингланди. 

Бугунги йиғилишда кўплаб янгилик ва инновациялар тақдимоти бўлиб ўтди. Бу эса соҳамиз ривожида муҳим аҳамиятга эга. Президентимиз томонидан яқинда Сергелида бизга ижтимоий объектлар ва уй-жойлар қурилиши бўйича аниқ кўрсатма ва вазифалар берилганди. Мазкур йўналишдаги ишларимизни жадаллаштириш мақсадида МДҲ мамлакатлари билан кенг миқёсдаги ҳамкорлик ишларини йўлга қўйишга қаратилган   қўшма баённи бугун анжуман доирасида тасдиқладик. Бундан буён ҳамкорлик ишларимиз мутлақо янги босқичга кўтарилади. Фикримча, бугунги тадбиримиз жуда самарали ўтди. Албатта, хозирда энг долзарб масалалардан бири бу Ўзбекистондаги қурилиш нормалари ва қоидаларини янгилашдир. Бу борада катта мақсадларимиз бор. Йиғилишда қозоғистонлик ҳамкасбларимиз қурилишдаги замонавий стандартлаштириш, BIM технологияларини ривожлантириш бўйича қурилиш кодлари ҳақида ўзларининг тажрибалари билан ўртоқлашишди. Албатта, рақамлаштириш бу бизнинг соҳамизда ҳам жуда катта прогрессив йўналиш ҳисобланади. Бу борада амалий ишларимиз бошлаб юборилган ва қозоғистонлик ҳамкасбларимиз билан ҳамкорлик ишларини янада кенгайтиришни мақсад қилдик. Бугун тадбирда кўтарилган мавзулар, нафақат Ўзбекистондаги қурилиш соҳаси, балки МДҲ мамлакатларининг барчаси учун бирдек фойдали бўлди, деб тўла ишонч билан айта оламан. Зеро, истиқболдаги режалар ва келгусидаги фаолиятимиз учун аниқ йўналишларни белгилаб олишда унинг аҳамияти каттадир”.

Қурилиш вазири Ботир Зокиров
 

Шунингдек, тадбирда 2021 йил МДҲ давлатларида “Архитектура ва шаҳарсозлик йили” сифатида белгилангани ва унинг доирасида ўтказилиши режалаштирилган тадбирлар бўйича ҳам аниқ таклифлар айтилиб, самарали келишувларга эришилди.