#
  • Soha yangiliklari
  • 01 - Mart, 2021
  • 58

Архитектура-шаҳарсозлик департаментлари ташкил этилади

Президентнинг “Шаҳарсозлик фаолияти соҳасида давлат ҳокимияти органларининг жавобгарлигини ошириш ҳамда давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш чоралари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Қурилиш вазирлигининг ҳудудларда давлат архитектура-шаҳарсозлик сиёсатини ягона давлат органи орқали юритиш, архитектура йўналишидаги вазифаларни самарали ва оператив ечиш ҳамда қурилиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш, соҳага салоҳиятли кадрларни жалб қилиш мақсадида:

  • Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар архитектура-шаҳарсозлик департаментларини;
  • Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят Архитектура-шаҳарсозлик департаментлари ва Тошкент шаҳар  Архитектура ва қурилиш бош бошқармаси таркибида якка тартибдаги уй-жойлар ва кичик ҳажмдаги объектлар қурилиши махсус кузатув бўлимини тузиш;
  • Қурилиш вазирлиги ҳузурида давлат муассасаси шаклида архитектура ва қурилиш соҳаси ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ҳамда шаҳарсозлик соҳасида инновация жараёнларини мувофиқлаштириш марказини ташкил этиш;
  • Қурилиш вазирлиги ҳузуридаги “Шаҳарсозлик ҳужжатлари экспертизаси” ДУКнинг ҳудудий филиалларига юридик мақомини бериш тўғрисидаги таклифлари маъқулланиши мумкин.

Белгиланишича:

а) Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Архитектура ва қурилиш бош бошқармаларининг фаолияти:

бюджет;

Архитектура-шаҳарсозлик департаментлари, Ҳудудий қурилиш соҳасида назорат инспекцияси, “Шаҳарсозлик ҳужжатлари экспертизаси” ДУК филиаллари ҳамда Тендер савдоларини ташкил этиш консалтинг марказлари амалга оширган фаолияти ва кўрсатадиган хизматларидан олинган даромадларнинг 3 фоиз миқдоридаги молиявий ажратмалари ҳисобидан молиялаштирилади;

б) Архитектура-шаҳарсозлик департаментларининг:

штат бирликлари президентнинг “Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги фаолиятини  ташкил этиш тўғрисида”ги қарори 4-иловасида белгиланган қурилиш бўйича ҳудудий бўлинмалар бошқарув ва ишлаб чиқариш ходимларининг чекланган сони доирасида шакллантирилади;

Президентнинг “Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурларини шакллантиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан, буюртмачилик функциясини тўлақонли ҳамда сифатли бажарилишини таъминлаш учун йиллик ажратиладиган лимитлар доирасида лойиҳалар қийматидан 2 фоиз миқдорида сақлаш харажатлари йўналтирилади;

фаолиятини сақлаш харажатлари тўлов асосида давлат ва шаҳарсозлик соҳасидаги қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа хизматлар, шу билан бирга икки қаватдан паст, баландлиги ер юзасидан 12 метрдан ва (ёки) умумий майдони 500 квадрат метрдан кам бўлган бино ва иншоотлардаги қурилиш-монтаж ишлари қийматининг (қўшимча қиймат солиғисиз) 0,18 фоиз миқдоридаги Архитектура-шаҳарсозлик департаментлари ихтиёрида қолдириладиган маблағлар ҳисобидан молиялаштирилади;

в) Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги туман (шаҳар) қурилиш бўлимлари тугатилиб, Архитектура-шаҳарсозлик департаменти бўйсунувидаги туман (шаҳар) бош архитектори лавозими жорий этилади ва унга қуйидаги асосий вазифалар юкланади:

ҳудудларни ривожлантиришни режалаштириш ва қуриш бўйича шаҳарсозлик ҳужжатлари амалга оширилишининг мониторингини юритиш ва унинг натижаларини туман (шаҳар) ҳокимларига ва Архитектура-шаҳарсозлик департаментига киритиш;

аҳоли пунктларининг архитектура қиёфаси, шунингдек улардаги шаҳарсозлик муҳитини яхшилаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва уларни давлат ҳокимияти органларига киритиш ҳамда жисмоний ва юридик шахсларга тақдим этиш;

аҳоли (жамоатчилик) ва оммавий ахборот воситаларига шаҳарсозлик масалаларида тушунтиришлар бериш.

Тугатилган туман (шаҳар) қурилиш бўлимларининг архитектура-қурилиш соҳасидаги хулосалар ва рухсатномалар бериш функциялари Архитектура-шаҳарсозлик департаментларига, қурилиш соҳасидаги функциялари эса Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш вазирлиги ва вилоятлар қурилиш бош бошқармаларига ўтказилади.